ҚУЁННИНГ БИОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ

132

Қуён ўсимликхўр кемирувчилар оиласига мансуб жонивордир. Жинсий ва жисмоний жиҳатдан 3-4 ойга тўлганида етилади. Урғочи қуённинг ҳомиладорлик даври 29-31 кун давом этади.

Туксиз туғилган қуёнча танаси момиқ билан ҳаётининг биринчи ҳафтаси давомида буркана бошлайди, 9-, 10- кунга келиб кўзи очилади, 15-20 кундан кейин инидан чиқиб, онаси истеъмол қилаётган емдан таътий бошлайди. Бироқ, токи ажратиб қўйилганига қадар онасини эмишда давом этаверади. 18-20 кун ўтгач сут тишларининг алмашиниш жараёни бошланиб, ушбу жараён биринчи ой охирида якунига етади. Аксарият она қуёнлар серсут бўлиб, кам безовта қилинса, болалари узоқ вақт ўз инларида қолаверади.

Янги болалаган урғочи 2-3 кундан сўнг жинсий майил билдириб, такрор уруғланиши мумкин. Қуёнбоқарлар қуённинг ушбу хусусиятидан, жониворлар бошини кўпайтириш мақсадида унумли фойдаланадилар. Қуён бутун ҳаёти давомида тулаб боради. Тулаш жараёни: илк бор  қуёнча бир ойга тўлганида; иккинчи маротаба  3,5-4,5 ойга тўлганида; учинчи бор  7-7,5 ойга тўлганида бўлиб ўтади.

Бундан ташқари мавсумий, яъни баҳор ва куз ойларида ҳам тулаш жараёни бўлиб ўтади.

Қуённи бўрдоқига қўйиш ва сўйиш мобайнида тулаш жараёнини ҳисобга олмоқ лозим. Сўйиш фурсати етганида қуённинг мавсумий ёки ёши бўйича тулаш жараёнлари якунига етган бўлиши даркор.

Тулаш мобайнида қуён момиғи осон ажралади. Момиқ олиш учун мўлжалланган қуён зотини етиштирувчи қуёнбоқарлар жониворнинг ушбу хусусиятини билиши керак. Бундай зот момиқлари ҳар 2-2,5 ойда юлиб олинади.

Яхши боқилган тўрт ойли қуён вазни 3-3,5 кг га етади. Яъни, туғилган фурсатига нисбатан 60 баробар оғир бўлади.

Қуённинг ҳид билиш қобилияти кўриш қобилиятига нисбатан сезиларли ривожланган. Она қуён болалари орасига бегона қуёнчалар қўшиб қўйилганида, уларнинг рангларидан қатъий назар ҳидига кўра ажратиб олиб, нобуд қилиши билан ушбу хусусият ўз тасдиғини топади. Қуён емни ҳам ҳидига кўра ажратиб қўяди. Емнинг янги турига эҳтиёткорона муносабат билдириб, ҳидига кўникиши узоқ кечади. Жониворни емнинг янги турига ўргатиш амали кишидан сабр-тоқат талаб қилади.

Қуён табиатан ўз уясини ер қазиб тайёрлайди. Шу боис ҳам катакка қамалган ҳомиладор қуён, болалашдан олдин, катакнинг энг пастқам ва қоронғи жойини қидиради. Модомики шундай экан, катак туғруқхонасининг эшиги яхлит, яъни тешик-деразасиз бўлиши, полига ўрнатиладиган панжара эса ёруғ хонадагига нисбатан пастроқ қилиб ётқизилиши ёки умуман олиб қўйилиши лозим.

Она қуённинг сутлилиги янги туғилган болаларининг ҳолатига кўра белгиланади. Серсут урғочининг қуёнчалари уяда тинч ётиб, таначалари думалоқ, терилари ажинсиз силлиқ ва ялтироқ бўлади. Бундай қуёнчалар тез ўсади.

Қуённинг сутлилигини бошқача усул қўллаб, яъни болалаган урғочини белига ётқизиб, сут безларини бармоқларингиз билан эзиб кўриб ҳам аниқлашингиз мумкин. Урғочи серсут бўлса, елинидаги сут йирик томчи кўринишида сизиб чиқади.

Сутлилик даражасига парвариш шароити, ем сифати, қуённинг ёши, зоти, нечанчи бор болалаганлиги, йил фасли кабилар таъсир кўрсатади.

Ёз фаслида кўк ва ширадор ем-хашак миқдори кўп бўлиши боис она қуён серсут бўлади.

Она қуённинг максимал серсутлик даври 3-4 маротаба болалаганидан сўнг келади. Унинг ҳаддан ташқари семириб кетиши ва кам ҳаракатчан бўлиши сутлилик даражасининг пасайиб кетишига олиб келади Семириб кетган урғочи уруғланиш ва болалаш қобилиятини йўқотади. Бунинг олдини олиш учун эса жониворга бериладиган юқори оқсилли (дон, комбикорм каби) емлар миқдорини камайтириб, кўк ва ширадор емлар миқдорини ошириш, кўпроқ ҳаракатланиш имконини яратиш лозим.

Қуён, айрим жониворлар каби, тунда ва эрта тонгда чиқарган нажасини истеъмол қилади. Бу ҳолат фанда копрофагия деб аталади. Кундуз кунги нажас  қаттиқ, қуруқ ва соққасимон, тунги нажас эса  юмшоқ ва нам бўлиб, соққалар шакли бузилган кичик тўпламлар кўринишига эга бўлади. Тунги нажас таркибидаги протеин кундуз кунги нажасга нисбатан 3,5 баробар ортиқ бўлади, тўқималар миқдори эса 2 баробар кам бўлиб В гуруҳига мансуб витамин ва минералларга бой бўлади. Юмшоқ (тунги) нажас қуёнхона ичида деярли кўринмайди, негаки қуён уни тўғридан-тўғри ўз орқа ҳожат йўлиданоқ истеъмол қилиб юборади. Бунинг учун у олд оёқларини икки ёнга ташлаб эгилади ва тумшуқчасини орқа оёқлари орасидаги ҳожат тешигига етказади.

Ёш қуёнчаларда копрофагия, одатда, 23-24 кун ўтгач, она сутидан ташқари бошқа емлар билан ҳам озиқлана бошлаганидан сўнг намоён бўлади.

Ўз нажасини истеъмол қилишдан маҳрум бўлиб ўсаётган қуёнчаларнинг улғайиши, нажаси билан озиқланадиган қуёнчаларга нисбатан секин кечади. Ўз нажасини истеъмол қилишдан маҳрум бўлган урғочи қуённинг ҳомиладорлигида ҳамда ҳомиласининг ривожланишида оғишлар рўй бериши кузатилган.

Ўзининг тунги нажасини истеъмол қилиши қуён учун соғлом физиологик ҳолат бўлиб, ошқозонидаги емнинг яхши ҳазм бўлиши, организмига қўшимча оқсил ва витаминлар сингишини таъминлайди. Лекин, қуён нажасида касаллик тарқатувчи микроблар ҳам бўлиши мумкинлигини ёдда тутмоқ лозим, шу боис қуённинг касалликка чалинишини олдини олиш мақсадида қуёнхона ва катакларнинг санитар ҳолати намунали тутилиши лозим.

Дўстларингизга ҳам улашинг!