Қуёнларнинг кўпайиши. Бўғоз қуёнлар болалашига беш кун қолганида эмизаётган болаларидан ажратилади. Қуён катагига олдиндан дезинфекция қилинган «туғруқхона» қў йилади. «Туғруқхона»нинг тешиги қуён катагининг полидан 10 см юқорида бўлиши зарур. Агар тешикча пол билан тенг бўлса, янги туғилган қуён болалари эмиш учун онасини қидириб, «туғруқхона»дан четга чиқиб қолади ва катак тешикларидан ерга тушиб кетишлари мумкин. «Туғруқхона»нинг тешиги 10 см баландликда бўлганида қуёнчалар уянинг ичида эркин юради.
Она қуён эса вақт-вақти билан кириб қуёнчаларни эмизиб тураверади.
Олиб қўйиладиган «туғруқхона»ни тайёрлаш қийин эмас, икки томони очиқ яшикнинг бир томонидан диаметри 25 сантиметрли юмалоқ ёки тўғри-бурчакли тешик очилиб, қуён катагининг ичига маҳкамланади. «Туғруқхона» узунлиги 60 см, эни 40-45 см, баландлиги 50-60 см қилиб ясалиши мумкин. Агар «туғруқхона»нинг усти берк бўлса, яна ҳам яхши, чунки қоронғи бўлган жой улар учун ғоят қулай ҳисоб ланади. Ёввойи қуёнлар тунда ҳаёт кечирадилар.
Она қуён туғишидан 5 кун олдин қорин томонидаги момиқларни юлиб туғруқхона ичида жой тайёрлайди. Ана шу даврда қуён катагига қуруқ барг, похол ёки ёғочнинг қириндилари ташланса, улардан қуён тўшама сифатида фойдаланади. Баъзан ёш она қуёнлар юнгларидан тўшама ҳозирламаслиги ҳам мумкин. Бундай ҳолларда қуёнбоқарлар эҳтиётлик билан она қуённи кўкрак ва қорин томонидаги юнгларидан юлиб, туғруқхона полига тўшайдилар.
Қуённинг болалаши кўпинча кечаси, кам ҳолларда эрталаб ёки кундузи рўй беради ва болалаши 10-30 дақиқагача давом этади. Қуёнбоқар туғилган қуёнчаларни санайди. Агар улар сочилиб кетган бўлса, бир ерга тўплаб, устини она қуённинг момиғи (юнги) билан ёпиб қўяди.
Баъзан она қуён ўз боласини еб қўйиш ҳоллари ҳам учрайди. Бунинг асосий сабаби қуённинг туғиш даврида сувга ташна бўлиши ва катакда етарли миқдорда сув бўлмаслигидир. Болалаш даврида она қуённинг сувга бўлган эҳтиёжи жуда ортади. Бинобарин, қуёнларнинг болалаши яқинлашган сари катакда сувни узмаслик керак. Баъзан янги туғилган юнгсиз қуёнчаларнинг айримларида териси зарарланиши туфайли тўқима суюқлиги ташқарига чиқиб қолиши мумкин. Болалаш пайтида она қуён организмида минерал моддалар (калий, фосфор, нат рий ва хлор) етишмайди. Шу сабабли у янги туғилган ўз болаларини ялаб қуритаётганида тўқима суюқлигига маҳлиё бўлиб, ўз боласини еб қўяди. Бу ҳол она қуёнларни уларнинг бўғозлик даврида озуқа рационининг таркибида минерал моддаларнинг етарли бўлишини таъминлаш зарурлигини тақозо этади.




















