Ўзбекистонда йилига 28 минг тонна қуён гўшти етиштириш мумкин

Ўзбекистонда йилига 28 минг тонна қуён гўшти етиштириш мумкин

Қуёнчиликда кам маблағ сарфлаб кўп парҳез гўшт, сифатли мўйнали тери, майин тивит каби маҳсулотлар етиштириш мумкин. Битта зотдор қуён 1 йилда тез кўпайиб, ўзидан бир неча марта насл қолдира олади. Галдаги асосий масала бу каби наслли қуёнларнинг мамлакатимиз иқлими, озуқасига мослашиши учун муносиб шароит яратилишига эришишдир.
Соҳада шу каби амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф қилиш борасидаги аниқ таклифлар ҳақида ЎзА мухбири “Ўзбекистон қуёнчилик хўжаликлари“ ассоциацияси бошқаруви раиси Абдураззоқ Ибрагимов билан суҳбатлашди.
– Сўнгги йилларда соҳани ривожлантириш, аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар амалга оширилди? Айниқса, жаҳон тажрибасини ўрганиш ва маҳаллий шароитда қуёнчилик тармоқларини такомиллаштиришда нималарга алоҳида эътибор қаратилди?
– Қуёнларни парваришлашда шу кунга қадар эски усул ва технологиялардан фойдаланилган. Қуёнларни боқиш шароитида оддий зооветеринария қоидаларига амал қилинмагани эса маҳсулдорлик пасайишига олиб келди.
Аслида қуён уй ҳайвонлари орасида энг тез етиладигани жонзотдир. Урғочи қуёнларни тўрт ойлигидан бошлаб урчитиш мумкин. Боқиш ва парвариш яхши шароитда тирик вазни 5 килограмм бўлган битта урғочи қуён йилига 7 мартагача болалайди. Тўйимлилиги бўйича қуён гўштининг 1 килограмми энг яхши мол гўштининг 1,45 килограммига тенг.
Қолаверса, унинг гўшти холестерини камлиги бўйича қўй, мол ва бошқа жониворларникидан фарқ қилади. Таркибидаги оқсилнинг 90 фоизи инсон организми томонидан тўлиқ ўзлаштирилади.
Қуёнчилик жаҳон иқтисодиёти ва истеъмолида асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Жумладан, Хитой мўйнали ва тивитли қуён зотларини парваришлаш бўйича юқори улушга эга. Италия соҳада иккинчи ўринни эгаллаган бўлиб, йилига 300 минг тонна маҳсулот етиштирилади. Аҳоли бошига қуён гўшти истеъмол қилиш даражаси йилига 5,5-6 килограммдир. Мазкур кўрсаткич Германия, Франция ва Венгрияда 2,5-3 килограммни ташкил қилиб, ушбу мамлакатларда 65 фоиз маҳсулот кластер усулида ишлаб чиқарилмоқда.
Соғлом овқатланишнинг замонавий тенденцияси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг парҳез гўштни истеъмол қилиш меъёри ҳақидаги тавсиясини ҳисобга олиб, унинг улушига инсон гўшт рационининг 5 фоиздан кўпроғи (аҳоли бошига – 4,5 килограмм) тўғри келиши керак.
Мамлакатимизда йилига 150 минг тонна қуён гўштини истеъмолга чиқариш имкони бор. Шуни таъкидлаш жоизки, қуён гўштининг энг қийматлиси, бу янги сўйилгани. Қуённинг музлатилган гўшти ўзининг фойдали хусусиятларини деярли тез йўқотади.
Қуёнчиликни ривожлантириш бўйича жаҳон тажрибасининг таҳлили шуни кўрсатадики, ушбу сектор қишлоқ хўжалигининг асосий иқтисодий ва самарали тармоқларидан бири бўлиб, уни ривожлантиришнинг асосий омили эса кичик оилавий хўжаликлардир.
Ассоциация ташкил этилганидан сўнг, Ўзбекистонда қуёнчиликни ривожлантириш дастури концепцияси ишлаб чиқилди. Унга кўра, 2020-2024 йилларда республикамизнинг барча ҳудудида қуёнчилик кластерларини йўлга қўйиш бўйича дастур тайёрланди. Унинг ижроси бўйича ҳозир Қашқадарё вилоятида дастлабки кластерни ташкил этиш борасида тизимли ишлар қилинмоқда. Навбатдаги босқичда мамлакатимиз бўйича бу каби кластерлардан яна еттитаси ўз фаолиятини бошлайди.
– Мазкур ташкил этилаётган қуёнчилик кластерларидан олинадиган ижтимоий-иқтисодий самарадорлик қандай бўлади? Шу хусусида атрофлича маълумот берсангиз.
– Ҳисоб-китобларимизга кўра, Қашқадарё вилоятида урғочи қуёнлар сони 150 минг бошга эга бўлган Қуёнчилик кластери ташкил этилгач йиллик 20 миллион сўмдан ортиқ фойда кўрадиган 7 минг 500 та шахсий томорқа хўжалиги ташкил этилади. Бунинг натижасида 380 доимий ишчи ўрни яратилади.
Вилоятда Қуёнчилик кластери асосида қуён еми ишлаб чиқариш кўрсаткичи йилига 51 минг 90 тоннага, гўшт ишлаб чиқариш кўрсаткичи йилига 4 минг 725 тоннага етади. Қуён гўштидан консерва ишлаб чиқариш ҳам кенгаяди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 67,5 фоизини, яъни 918 миллиард 338 миллион сўмга тенг қисмини экспорт қилиш режалаштирилган. Бунинг натижасида вилоятда йиллик валюта тушуми 108 милл
ион долларни ташкил қилади.
Шу туфайли мамлакатимизда бу тармоқни саноат даражасига кўтариш борасидаги илк қадамларимиз давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бироқ бу даромадли соҳа билан шуғулланувчилар ҳали унчалик кўпаймаган. Шунинг учун бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларини вилоятларда жадаллаштиряпмиз. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Китоб, Чироқчи ва Яккабоғ туманларида бу ташаббус аҳоли томонидан илиқ кутиб олинди. Иложи борича тоғли ҳудудларда яшаётган аҳолини қамраб олишга ҳаракат қилаяпмиз. Чунки тери ва мўйнаси учун етиштирилаётган қуён зотлари асосан совуқ иқлимга мослашган. Республикамизнинг жанубий ҳудудларида қуённинг гўшт оладиган зотларини кўпайтиришни режалаштирмоқдамиз. Ҳудуднинг иқлимига мослашган қуён зотларини етиштириш ниятидамиз
– 2020-2024 йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида қуёнчилик кластерларини йўлга қўйиш бўйича дастурнинг асосий мақсад ва вазифалари қандай?
– Давлат кўмаги ва давлат-хусусий шериклик механизмини қўллаш асосида аҳоли томорқаларида ишлаб чиқариш ва истеъмол кооперациясини ривожлантиришнинг иқтисодий самарали моделини яратишдир. Соҳада янги кластерларни яратиш орқали мамлакатда қуёнчиликни оммалаштиришга йўналтирилган меъёрий-ҳуқуқий, илмий-технологик, ишлаб чиқариш, ахборот-маркетинг ва молиявий-кредит чора-тадбирларни ишлаб чиқишга эришилади.
Қуёнчилик дастури орқали 2024 йилга келиб турли зотдаги наслдор қуёнлар импортидан 100 фоиз воз кечамиз. Республикада парҳезбоп қуён гўшти ишлаб чиқарилиши йилига 28 минг тоннагача оширилиши мумкин. Қуён мўйнаси, тивити, терисидан тайёрланадиган маҳсулотлар тури ва ишлаб чиқарилиши кенгаяди, экспорт диверсификацияси ривожланади, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади. Аҳоли даромади ошади.
Президентимизнинг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам чорвачиликнинг бошқа тармоқлари қаторида қуёнчилик бўйича махсус комплексларни қуриш, чорва маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳаларини амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланди. Мазкур ҳужжат орқали фаолиятимиз янада ривожланишига ишонамиз.
Абдулазиз МУСАЕВ суҳбатлашди, ЎзА